Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси билан ҳамкорликни янда ривожлантириш бўйича музокара ўтказилди

31.07.2020 12:34

КУАЛА-ЛУМПУР, 31 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов Малайзиянинг ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (МАТРЭЙД) бош директори Ван Латиф билан музокара олиб борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

МАТРЭЙД — Малайзиядаги экспортни ривожлантириш ва ташқи бозорларга маҳсулот ҳамда хизматларни илгари суриш бўйича асосий давлат агентлиги ҳисобланади. Корпорация Малайзиянинг барча штатларида ўз минтақавий бўлимлари ва дунёнинг 40 мамлакатида, шу жумладан Тошкентдаги Малайзия элчихонасида ҳам ваколатхоналари бор.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳада Малайзиянинг Марказий Осиёдаги асосий шериги сифатида қаралиши таъкидланди. 2019 йил октябрь ойида Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Тошкентдаги МАТРЭЙД офисининг очилиши, бизнес-форум ва B2B учрашувларини ўтказиш учун корпорация раҳбарияти бошчилигидаги делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифлари бунинг далилидир.

Суҳбатдош Ўзбекистон раҳбарияти томонидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришда фаолият юритаётган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган иш ўринларини сақлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Музокаралар натижасида МАТРЭЙД раҳбарияти билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида мулоқот ўрнатиш, маҳсулотлар ва хизматларни илгари суриш бўйича ноёб электрон платформани яратиш мақсадида икки мамлакатнинг хусусий экспорт қилувчи компаниялари ўртасида онлайн-бизнес тадбирларни ўтказиш тўғрисида келишувларга эришилди. Пандемия билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштириш, Малайзия компаниялари вакилларининг мамлакатимизга ташрифини ташкил этишга доир мулоқотни давом эттиришга келишилди.

Малайзия томони мамлакат савдо компанияларини Ўзбекистондаги йирик кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишга таклиф этилгани учун миннатдорлик билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net