Лоран ОКУТУР?E: Ўзбекистон дунёда ягона пахта-тўқимачилик кластер тизимини яратди

05.03.2020 11:21

ТОШКЕНТ, 5 март. /“Дунё” АА/. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида Швейцариянинг “Gherzi” халқаро консалтинг ташкилоти раҳбари Лаурент Окутуриe бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокарада  Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан Ўзбекистонда «Пахтачилик саноатида барқарор ривожланиш ва қўшимча қийматни ошириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган масалалар муҳокама қилинди.

Уюшма раҳбарияти меҳмонларга Ўзбекистондаги тўқимачилик саноатининг бугунги ҳолати, ривожланиш истиқболлари, ишлаб чиқариш, инвестиция ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берди.

Делегация вакиллари республиканинг сўнгги йилларда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар, экспорт ҳажмининг сезиларли ортгани, инвестиция жозибадорлиги яхшиланганини қайд этди.

Лоран Окутуриeнинг таъкидлашича, Ўзбекистон дунёда ягона пахта-тўқимачилик кластерлари тизимини яратди. Лойиҳаларни амалга ошириш ташаббускорлари сифатида тўқимачилик корхоналари қайд этилиб, ҳозирги кунда бундай тажриба бошқа давлатларда амалга оширилмаган.

Делегация вакиллари саноатнинг стратегик ривожланиши дунёда намуна бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.

«Gherzi» компанияси 1929 йилда Цюрихда (Швейцария) ташкил этилган. Тўқимачилик саноатида ишлаб чиқаришдан чакана савдога қадар бўлган компанияларни стратегик ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича етакчи консалтинг компанияси ҳисобланади. Бундан ташқари, ташкилот глобал ҳамкорликка эга: 6 штаб-квартираси, 80 дан ортиқ мамлакатларда ўз вакилларига эга. «Gherzi» компанияси 2019-2023 йилларда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган.

 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net