Корея-Ўзбекистон ишбилармонлари ассоциацияси Ўзбекистонда янги сармоявий лойиҳаларни илгари суриш учун бизнес кўприги вазифасини бажар

20.01.2021 10:55

СЕУЛ20 январь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчиси Виталий Фен Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ҳузуридаги Корея-Ўзбекистон ишбилармонлари ассоциацияси (КУБA) раиси Ким Ёнг Гу ва ассоциация раисининг ўринбосари Ким Чанг Гон билан учрашиб, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро алоқаларни кучайтириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда В.Фен бир ой давомида Ўзбекистонда бўлиб, қатор вилоят раҳбарлари билан учрашувлар ўтказгани, мулоқотлар давомида ушбу ҳудудлардаги компаниялар ва корхоналар билан Жанубий кореялик шериклар ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини атрофлича муҳокама этилганини маълум қилди.

Бу борада айниқса Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси икки мамлакат компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишда муҳим рол ўйнай бошлагани, ассоциациянинг Фарғона шаҳрида фаолият кўрсатаётган шўъбаси водий вилоятларида янги сармоявий лойиҳаларни илгари суриш учун бизнес кўприги бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида урғуланди.

Ўз навбатида, Ассоциация раҳбари Ким Ёнг Гу Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва инвестиция муҳитининг яхшиланиши муносабати билан Жанубий Корея компанияларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди.

Ким Ёнг Гу икки мамлакат ўртасида юқори даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун КУБА барча имкониятларни ишга солишини, жумладан Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакилларига ўзларининг Ўзбекистондаги фаолиятини амалга оширишда ёрдам беришда давом этишини билдирди.

Хусусан, жорий йил апрель ва сентябрь ойларида КУБА ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрига чартер рейслар амалга оширилиб, тиббий асбоб ускуналар, дори-дармон ва бошқа гуманитар юклар юборилади. Ушбу чартер рейслар орқали, шунингдек, ишбилармон доиралар вакиллари ҳам юртимизга ташриф буюриб, мазкур вилоятларда бизнес-форумлар ўтказади, ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш, туризмни ривожлантириш масалларини муҳокама қилади. Бундан ташқари, Жанубий кореялик тиббиёт мутахассисларидан иборат кўнгиллилар гуруҳининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиши ҳам режалаштирилган.

Суҳбат давомида ассоциация раиси Ким Ёнг Гун 27 январь куни Ўзбекистонга боришини маълум қилди. Ушбу ташриф давомида ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича учрашувлар ўтказишини билдирди. Хусусан, музокаралар давомида Навоий вилоятининг Саутбай ҳудудидаги металл рудаси конини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишни тезлаштириш, ушбу лойиҳадаги хорижий ҳамкорнинг улушини 51 фоиздан 100 фоизгача кўтариш масалаларини кўриб чиқиб, яқин келажакдаги режаларни белгилаб олиш кўзда тутилган.

Учрашувда, шунингдек, икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни жадаллаштириш ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея, гарчи бир-бирларидан узоқда жойлашган бўлса-да, уларни узоқ йиллик дўстлик ва манфаатли ҳамкорлик ришталари ўзаро боғлаб туриши, икки халқнинг санъати, маданияти, миллий менталитети ва меҳнаткашлигида бир-бирига ўхшашлик ва яқинлик мавжудлиги таъкидланди.

Ўзаро маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Сеулнинг сўлим гўшаларидан бирида буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳайкалини очиш истиқболлари муҳокама қилинди. КУБА раиси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, нафақат туркий халқлар, балки жаҳон маданий-маърифий меросига салмоқли ҳисса қўшган Навоий ҳайкалининг Жанубий Корея пойтахтида ўрнатилиши икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашини қайд этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net