Кеча Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши доирасида университетлараро шериклик тўғрисида 5 та ҳужжат имзоланди

04.02.2021 18:04

ЛОНДОН, 4 февраль. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан биргаликда Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия кенгаши (UBTIC) 25-йиғилиши доирасида ўтказилган таълимга бағишланган махсус тематик сессияда Британия ва Ўзбекистон университетлари, ихтисослаштирилган давлат муассасалари ва компаниялари ўртасида дипломатик ваколатхоналар кўмаги билан ишлаб чиқилган 5 та ҳужжатни имзолашга бағишланган  маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси маълум қилишича, маросимда Ўзбекистон халқ таълими вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Амирулла Абдуллаев, Британия кенгашининг Европа ва Марказий Осиё бўйича  минтақавий директори Ричард Эверитт, икки мамлакатнинг қатор университетлари ва академик тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.

Элчилар Саид Рустамов ва Тим Торлот модераторлик қилган тадбир давомида Буюк Британиянинг таълим стандартлари асосида малакали мутахассислар тайёрлаш, қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ва алмашинув дастурларини амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорликни қайд этилди.

Жумладан, имзоланган меморандумлар доирасида Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали ва Бангор университети ҳамкорлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тупроқшунослик ва шўрланган ерларни қайта тиклаш, қурғоқчил шароитда ўрмон хўжалиги ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар амалга оширилади.

Ўз навбатида, Қорақалпоғистон тиббиёт институти ва Портсмут университети тиббиёт кадрларини трансмиллий таълим дастурлари, шу жумладан «икки томонлама диплом», академик алмашинув ва қўшма лаборатория тадқиқотлари орқали биргаликда тайёрлашни режалаштирмоқда.

Стратклайд университети Тошкентдаги Ёжу техника институти билан ўқитувчилар, талабалар ва тадқиқотчилар алмашинуви, шунингдек, қайта тикланадиган энергия, декарбонизациялаш, қурилиш муҳандислиги ва муҳандислик каби соҳаларда қўшма илмий лойиҳалар тўғрисида келишиб олди.

Британия ташкилоти билан имтиҳонларни, баҳоларни ва «Cambridge Assessment» таълим стандартларини ишлаб чиқиш, ўтказиш бўйича келишувлар доирасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорлик кенгайтирилади. Келишув доирасида 2021 йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида очиладиган Президент мактабларида инглиз сифат стандартлари ва STEM таълими билан ўқитувчиларнинг малакасини баҳолаш ва такомиллаштириш маркази ташкил этилади.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва «Cambridge Assessment» профессор-ўқитувчилар таркибининг инглиз тили билимларини баҳолаш учун қўшма имтиҳонлар ва ўқитувчилар учун малака ошириш курслари ташкил этилади.

Бугун онлайн-форматда Тошкент вақти билан соат 14.00 да Ўзбекистон-Буюк Британия савдо ва саноат кенгашининг (UBTIC) 25-йиғилиши ўз ишини давом эттиради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net