Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар ажратади

12.07.2020 10:21

ТОШКЕНТ, 12 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Жаҳон банки (ЖБ)нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Лилия Бурунчук Ўзбекистон ҳукумати билан Жаҳон банки ўртасидаги мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтириладиган умумий қиймати 500 миллион долларлик қарз битимини имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев, ЖБнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, шунингдек, банк ва тегишли идоралар вакиллари иштирок этди.

Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан тегишли равишда 276 миллион ва 224 миллион доллар миқдорида молиялаштирилади.

Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим соҳалардан бири ҳисобланган қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулот (Я?М)даги улуши 28, мамлакат умумий экспортидаги улуши 10, ушбу секторда банд (3,6 миллион) инсонлар улуши эса жами меҳнатга лаёқатли аҳолининг 27 фоизини ташкил этади. Мазкур тармоқ кейинги йилларда хусусий сектор ривожланишининг “драйвер”ларидан бирига айланиб, юқори иқтисодий ўсиш суръатини намойиш этиб келмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлар 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати кенг ислоҳотлар дастурининг муҳим таркибий қисмига айланди. Бу жараёнда қишлоқ хўжалигидаги пахта ва буғдой улушини камайтириш, юқори қўшимча қийматга эга, жумладан, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида соҳада меҳнат унумдорлигини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, тармоқни янада модернизация қилиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш режалаштирилган.

С.Умурзоқов кредит шартномаларини имзолаш муносабати билан ташкил қилинган тадбирда сўзга чиқиб, "Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар қишлоқ жойларида кўпроқ ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилишига, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги мустаҳкамланишга ва Ўзбекистон фермерлари, агросаноат корхоналари экспорт даромадининг ўсишига имкон беради. Айни мақсадларга эришиш учун ҳукумат Жаҳон банки ва бошқа халқаро шериклар билан яқин ҳамкорлик қилади. Банк томонидан молиялаштирилаётган янги лойиҳа қишлоқ хўжалигини бозор ва рақобатбардош тармоққа айлантиришга ҳисса қўшиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига давлат хизматлари тақдим этилишини сезиларли даражада яхшилайди", дея қайд этди.

Ушбу лойиҳа туфайли Ўзбекистон ҳудудларидаги фермер ва агро корхоналар вакиллари учун замонавий технологиялар, техник маслаҳат, ишлаб чиқариш, агрологистика, фитосанитариянинг турли босқичларида қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш учун зарур ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳияти ўсиши ҳисобига уларнинг ички ва халқаро бозорларда иштироки кенгаяди.

Шунингдек, лойиҳада маҳаллий тижорат банклари иштироки туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ҳамда маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш, энергетик ва сувни тежайдиган технологиялар, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олишни назарда тутган ҳолда экспортга йўналтирилган қўшимча қиймат занжири ҳалқаларини кўпайтириш учун улардан фойдаланиш истиқболи билан узоқ муддатли кредит ресурсларини жалб қилиш имконига эга бўлади.

Лойиҳа Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини модернизация қилиш, амалий тадқиқотларни ўтказиш ва тармоққа илғор ишланмаларни жорий этишга ёрдам беради. Тегишли тадбирлар уруғчиликни ривожлантириш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, муайян ҳудудларга мўлжалланган агроэкологик иқлимга чидамли технологияларни жорий этиш, қолаверса, Ўзбекистондаги ўсимликларнинг ноёб генетик материалларини сақлаш масалаларига қаратилади.

– Жаҳон банки хусусий сектор улушини ошириш ва тармоқда давлат иштирокини камайтиришга йўналтирилган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга оширишга ёрдам беришдан мамнун, – деди Марко Мантованелли. – Бу йил Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси туфайли инқирозга учраган бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, қишлоқ хўжалиги ўсиш намойиш этиши керак. Бу озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан доимий мавжуд талаб билан боғлиқ. Тармоқ мамлакат иқтисодиётини тиклаш локомотивларидан бирига айланиши мумкин. Бугунги синовли кунларда янги лойиҳа минглаб фермерлар ва агрокорхоналар вакилларига ишлаб чиқариш ҳажми ва ўз маҳсулотлари экспортини оширишда ёрдам беради.

Таъкидлаш жоиз, "?лм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш" йилида ҳужжатларни имзолаш электрон шаклда амалга оширилмоқда. Мазкур келишув Жаҳон банки томонидан минтақада ушбу шаклда имзоланган биринчи ҳужжатдир.

2017 йил Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланиши билан Жаҳон банкининг мамлакатимизга молиявий ва техник кўмаги кўлами сезиларли даражада кенгайди. Ташкилотнинг умумий қиймати 4,4 миллиард долларга тенг 23 та лойиҳадан иборат Ўзбекистон бўйича дастури бугунги кунда тузилманинг Туркиядан кейин Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастури ҳисобланади. Банк ҳукуматга турли соҳаларда, жумладан, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини, сув таъминоти, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, коронавирус пандемиясининг соғлиқни сақлаш тизимига, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсирини юмшатиш бўйича инқирозга қарши дастурни амалга оширишда сезиларли ёрдам кўрсатмоқда.

Маълумот учун, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) Жаҳон банкининг асосий кредит берувчи муассасаси бўлиб, айни пайт 189 аъзо давлат учун тегишли глобал ривожланиш ташкилоти ҳисобланади. ХТТБ Дунёдаги энг йирик ривожланиш банки сифатида Жаҳон банки гуруҳи миссиясини кредитлар, кафолатлар, таваккалчиликларни бошқариш бўйича маҳсулотлар ва маслаҳат хизматларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, ХТТБ минтақавий ва глобал муаммоларга жавоб чораларини мувофиқлаштиради.

Халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ) Жаҳон банки таркибида 1960 йилда ташкил этилган. Тузилма фаолияти иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, тенгсизликни камайтириш ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш дастурларини амалга ошириш учун кредит ва грантлар тақдим этиш орқали камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net