Ҳукумат комиссияси Сурхондарё вилоятининг саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш имкониятларини ўрганмоқда

23.08.2020 11:09

ТОШКЕНТ, 23 август. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзақов раҳбарлигида ва вазирликлар, идоралар, маҳаллий саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва ҳокимиятлар раҳбарларидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси жойларга чиққан ҳолда Сурхондарё вилоятида саноат корхоналари ҳолатини ўрганиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун захираларни аниқлаш ва инвестиция фаолиятини кучайтириш бўйича ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, Фармонга мувофиқ Ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари экспорт фаолиятини амалга оширишда аниқланган муаммоларни ўрганиб, зарур ҳолларда жойида бартараф этиш чораларини кўриш, экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган. Шунингдек, инвестиция дастурларининг, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ҳамда инвестиция оқимининг ўсиши ва уларнинг жалб этилишига тўсқинлик қиладиган жорий ва тизимли муаммолар бартараф этилади. Республика ҳудудларида саноатни жадал ривожлантириш ҳамда лойиҳалаш ташкилотлари, илмий-тадқиқот лабораториялари, ишлаб чиқариш ва логистика мажмуалари, кадрларни ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш марказларини қамраб олган «саноат кластерлари»ни ташкил этиш, маҳаллий хом ашё ҳамда материаллардан самарали фойдаланиш асосида қўшимча қиймат занжирини яратишни таъминлайдиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш коммисия вазифаларига киради. Бундан ташқари, «йўл хариталари»да назарда тутилган тадбирлар, шу жумладан экспорт келишувларининг тўлақонли бажарилиши ҳамда инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш мазкур Ҳукумат коммиссияси зиммасига юкланган.

Таҳлилларнинг дастлабки натижалари шуни кўрсатдики, Сурхондарё вилоятида 2019 йилда 4 402,8 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Жорий йилнинг январь - июнь ойлари мобайнида товар ишлаб чиқариш ҳажми 2 445,9 миллиард сўмни ташкил этди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,1% ўсиш). Вилоят саноати таркибида 42% - тўқимачилик, 17% – озиқ – овқат, 12% - кимё ва нефть - кимё саноати, 9% - қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаси эгаллайди. Вилоятда жами 3 786 та саноат корхоналари, шу жумладан 29 та йирик ва 3 757 та кичик корхона ва микрофирмалар фаолият кўрсатмоқда.

Жойларга чиқиб иш олиб бориш натижасида Комиссия аъзолари томонидан вилоят саноат салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилди ва мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солишга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар аниқланди. Шунингдек, 290 та фаолиятини тўхтатган ёки вақтинча тўхтатиб қўйган, ишлаб чиқариш ҳажми камайган ёки тўлиқ қувват билан ишламаётган корхоналар ҳамда ҳудудий инвестиция дастури ва маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларнинг дастлабки рўйхати шакллантирилди.

Ушбу корхоналарни зарарсиз ишлаш нуқтасига тезлик билан чиқариш ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳар бирига вилоят туман ва шаҳарлари ҳокимлари, шунингдек, саноат бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилди. Масъул раҳбарлар зиммасига аниқланган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва тадбиркорларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш вазифалари юклатилди.

Амалдаги ҳудудий инвестиция дастури юқори қўшимча қийматга эга экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини яратишга қаратилган ва кўплаб иш ўринлари билан тавсифланадиган лойиҳалар сонини кўпайтириш мақсадида қайта кўриб чиқилди ва оптималлаштирилди. Шу билан бирга, вилоятнинг кам ривожланган ҳудудларида инвестиция ва саноат фаоллигининг ўсишини рағбатлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Худди шу тартибда маҳаллийлаштириш дастури ҳам қайта кўриб чиқилди. Юқори иқтисодий самара, салмоқли экспорт салоҳияти, кўплаб иш ўринлари, амалга ошириш ва ишга туширишнинг қисқа муддатларига эга лойиҳаларга устувор аҳамият берилди. Ушбу дастурни оптималлаштириш қисқа вақт ичида ишлаб чиқариш, экспорт, бюджет даромадларининг сезиларли ўсишига эришиш ва янги иш ўринлари яратиш имконини беради.  Бу эса, жалб қилинаётган инвестицияларни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш ва Республика ҳудудларида жадал иқтисодий ўсишни таъминлайди.

Вилоят туман ва шаҳарларининг иқтисодий салоҳияти, хом ашё базаси, инфратузилмаси ва логистика имкониятларини ўрганиш, шунингдек, муайян товарларни импорт қилиш эҳтиёжларини баҳолаш асосида, қўшилган қиймат занжирларини тўлиқ қамраб олган ва турли саноат ва ҳудудлардаги корхоналар ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган илмий ва ишлаб чиқариш кластерларини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича чоралар кўрилди. Бу йўналишда аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун устувор соҳалар - фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва мебель саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш эканлиги аниқланди.

«Термиз» ва «Бойсун-фарм» эркин иқтисодий зоналарида инвестиция ва саноат фаолиятининг бугунги ҳолати ҳам танқидий кўриб чиқилди. Мазкур зоналарнинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш даражасининг пастлиги қайд этилиб, янги инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кейинги ҳафта давомида Комиссия Сурхондарё вилоятида ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмларини ошириш, импорт қилинаётган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган туман, шаҳар ва корхоналар кесимида аниқ амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида ишларни давом эттиради. Шу билан бир қаторда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам шу каби ишлар ташкил қилинади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net