Ҳаво совутиш мосламаларни ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компания Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда

24.07.2020 11:49

ДEҲЛ?, 24 июль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси пайшанба куни «Symphony Limited» компаниясининг асосчиси, раиси ва бошқарувчи директори Ачал Бакери билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн-мулоқот чоғида ҳинд компанияси раҳбарига Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти ва мамлакатда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, шу жумладан ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишнинг устувор жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

А. Бакерининг таъкидлашича, у Ўзбекистоннинг улкан салоҳияти ҳақида яхши хабардор.  ?лгари республикага бир неча бор ташриф буюрган. Ҳиндистон компанияси раҳбари мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиш учун қулай имкониятлар ҳақида фикр билдирар экан, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси билан амалий ҳамкорлик ўрнатиш, хусусан, ҳаво совутиш мосламаларининг айрим турларини ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга тайёрлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, МДҲ ва Афғонистоннинг улкан бозори Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш учун яхши рағбат ҳисобланади.

У «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раҳбарияти ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказиш, сармоядорлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга бориш ниятида эканини билдирди. Пандемия билан боғлиқ карантин чекловлари олиб ташланишига қадар, Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари уюшмаси раҳбарияти билан онлайн видеоконференциялар орқали маълумот алмашишни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

«Symphony Limited»  компанияси 1988 йилда ташкил этилган бўлиб, у турар жой, тижорат ва саноат корхоналари учун дунёдаги энг йирик ҳаво совутгичлар ишлаб чиқарувчилар қаторига киради.  Компания маҳсулотлари 60 дан ортиқ мамлакатнинг бозорларида мавжуд. Шунингдек, Ҳиндистон, Австралия, Хитой, Мексика ва АҚШда 14 та заводга эга.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net