Германиянинг тажрибали тўқимачилик компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирмоқда

04.07.2020 14:03

БЕРЛ?Н, 4 июль. /“ДУНЁ” АА/. Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси кўмагида жума куни “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва «KhantexGroup» масъулияти чекланган жамият  вакилларининг «Bimeco Garnhandel Gmbh&Co.KG» немис компаниясининг бошқаруви аъзоси ва ижрочи директори Штефан Овербек билан видеоконференция тарзида музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида Штефан Овербек ўзбек пахтасидан тайёрланган калава иплар юқори сифатли бўлгани учун Европа бозорида ушбу хом-ашёга талаб катталигини ва у бошчилик қилаётган компания мазкур маҳсулотни Германия бозорига етказиб беришни кўпайтириш ниятида эканини қайд этди. Шундай қилиб, Bimeco вакили бугунги кунда “Ne 30/1” трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 100 фоиз пахтадан тайёрланган, йигирилган калава ипга талаб юқори эканини, ҳолбуки, бундай маҳсулотлар тегишли тарзда қадоқланиб, халқаро REX тизимида рўйхатдан ўтган бўлса, унинг компанияси ўзбекистонлик маҳсулот етказиб берувчилар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатишдан манфаатдорлигини ва уларга Oekotex стандарти сертификатини олишга кўмаклашишга тайёр эканини маълум қилди.

Германиялик ишбилармон, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти ва Ўзбекистонда  био-пахта ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисидаги маълумотларга катта қизиқиш билдирди. Хусусан, биргина 2019 йилда  мамлакатимизнинг 118 туманида 701 минг гектар майдонда 75 та пахта кластерлари ташкил этилиб, 2 065 300 тонна, яъни ялпи пахта ҳосилининг 70 фоиздан кўпроғи ушбу кластерлар томонидан йиғиб олинди.

Видеоконференция якунида томонлар ўзбек пахтасидан йигирилган калава ипни Германияга экспорт қилишда ҳамкорликни давом эттиришга ва экспорт кўламини ошириш мақсадида ўзаро маълумот алмашинувини жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Bimeco Garnhandel Gmbh & Co.KG ўттиз йилдан зиёд тарихга эга бўлиб, Европа бозорида юқори сифатли трикотаж саноати калава ипларини етказиб берувчилардан бири ҳисобланади.

Ушбу немис компанияси Ўзбекистон билан 2002 йилдан буён давом этиб келаётган кўп йиллик самарали ҳамкорлик алоқаларига эга. Айни пайтда мазкур корхона ўзбек тўқимачилик саноати маҳсулотларининг Германиядаги энг йирик импортёрларидан бирига айланган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net