Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари БМТ ТД вакили билан «яшил» энергетика истиқболларига бағишланган Нукус форумига тайёргарлик ма

02.11.2021 12:00

ТОШКЕНТ, 2 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, учрашувда БМТ Тараққиёт дастури энергия самарадорлиги ва кам углеродли ишлаб чиқариш соҳасида илғор халқаро тажрибани тақдим этишда ҳамкорлик қилиш учун салмоқли салоҳиятга эга экани таъкидланди.

Шу муносабат билан томонлар турар-жой биноларининг энергия аудитини ўтказиш, тегишли таҳлилий ва қонунчилик ишлари бўйича техник ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар. Уй-жой фондини илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда экологик жиҳатдан янгилаш унинг энергия самарадорлигини сезиларли даражада ошириши мумкинлиги қайд этилди.  Бу эса замонавий энергетикани ривожлантиришнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Томонлар Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида тармоқ ичидаги қуёш тизимларини синовдан ўтказиш ва кейинчалик жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий жиҳатлар ҳамда техник имкониятларни баҳолаш бўйича ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини билдирди.

Хусусий инвесторлар, яъни мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар томонидан қурилган қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини умумий тармоққа етказиб бериш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мамлакатимиз энергетика хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масаласи эканлиги қайд этилди.

Бундай меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда илғор халқаро тажрибани жалб этиш, хусусан, қайта тикланувчи энергия бўйича халқаро агентлик (IRENA) билан ҳамкорликда ушбу ишларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Томонлар, шунингдек, жамоат транспортида электроавтобуслардан фойдаланиш истиқболларини, бу борадаги ижтимоий-иқтисодий ва атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш учун моделлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятларини ҳамда электр энергетика тармоғида «яшил» ривожланиш иқтиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Музокаралар чоғида  2022 йилда Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган «яшил» энергия бўйича юқори даражадаги халқаро форумга тайёргарлик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Маълумот учун, ушбу форумни БМТ билан ҳамкорликда ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида илгари сурилган эди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net