Давлат солиқ қўмитаси AҚШда мансабдор шахслар мол-мулкини декларация қилиш тажрибасини ўрганмоқда

05.03.2020 11:21

ТОШКЕНТ, 5 март. /«Дунё» АА/. Давлат солиқ қўмитаси вакиллари AҚШда мансабдор шахслар мол-мулкини декларация қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганишда давом этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мансабдор шахсларнинг мол-мулкини декларация қилиш коррупцияга қарши курашнинг самарали чораларидан бири бўлиб, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлайди. Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизими давлат хизматчиларининг ижобий имижини яратишга, фуқароларда улар ишига бўлган ишончни оширишга имкон беради.

Жорий йил 11 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган коррупцияга қарши тизимлар ва жамоатчилик назоратини такомиллаштириш бўйича йиғилишда «коррупция иқтисодиёт ривожига, чинакам қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция муҳитини яратишга тўсқинлик қиладиган асосий омиллардан бири» экани таъкидланди.

Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялашнинг халқаро тажрибаси мамлакатимиз учун фойдали бўлиши мумкин. AҚШда мансабдор шахслар мол-мулкини декларация қилиш «Ҳукумат мансабдор шахсларининг этикаси тўғрисида»ги қонунга асосланади. Ҳужжатга мувофиқ, давлат хизматчилари ва парламент аъзоларининг ахлоқий идорага молиявий ҳолати, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари (фарзандлари, турмуш ўртоғи, ота-оналари) харажатлари ва даромадлари тўғрисида маълумот беришлари шарт.

AҚШда давлат хизматчилари томонидан тақдим этиладиган маълумотларнинг рўйхати кенгдир. Тўлиқ даромад, дивиденд, депозитлар бўйича фоизлар, кўчар ва кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар ва йиғимлар, нодавлат ташкилотларидан олинган молиявий ва бошқа даромадлар, ҳар қандай шахс ва ташкилотнинг 50 AҚШ долларидан ошадиган совғалари тўғрисидаги стандарт маълумотлар шулар жумласидан.

Манбани кўрсатган ҳолда, давлат хизматчилари шахсий ёки бюджет маблағларидан ташқари тўланадиган транспорт, ўйин-кулги ва бошқа таққосланадиган хизматлар рўйхатини очиқлашлари шарт. Шунингдек, мансабдор шахснинг барча шахсий кредиторлари, турмуш ўртоғи ва вояга етмаган болалари кредиторлари рўйхати муҳим ҳисобланади. Якунида мулкнинг келиб чиқиши манбалари, таркиби ва қиймати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Aгар мансабдор шахслар маълумотни қасддан сохталаштирган ёки декларацияни ёки маълумотни белгиланган шаклда тақдим этмаса, уларга қарши туман судида 5 минг AҚШ долларигача жарима солиш бўйича даъво қўзғатилиши мумкин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net