«Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd» давлат улуши хусусий инвесторга сотилади

10.07.2020 14:27

ТОШКЕНТ, 10 июль. /«Дунё» АА/. «Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd» устав капиталидаги давлат улуши хусусий инвесторга сотилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Молия вазирлиги ахборот хизмати манбасига асосланиб.

Айнан шундай вазифа озиқ-овқат саноатининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиб соҳага замонавий ишлаб чиқариш ва бошқарув технологияларини жорий этиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан белгиланди.

Ушбу жараённинг самарадорлиги ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. ?нвесторлар билан ишлашни ташкил қилиш, шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида дунёнинг етакчи банкларидан молиявий маслаҳатчи сифатида «JP Morgan», «Rothschild & Co», «Credit Suisse» банкларидан бири танланади.

«JPMorgan Chase» - Америка молиявий холдинг компанияси ҳисобланади.  У 2003 йилдан ҳозирги кунгача айнан Coca-Cola бренди билан боғлиқ 15 та йирик келишувларда иштирок этган. «JP Morgan» ичимликлар соҳасидаги энг йирик маслаҳатчилардан бири бўлиб, Coca-Cola билан бевосита иш олиб бориш ва унинг битимларида маслаҳатчи сифатида иштирок этиш бўйича тажрибага ҳам эга.

«Credit Suisse» Швейцариянинг иккинчи йирик молиявий конгломерати бўлиб, 7 та бўлинмадан иборат. Ушбу банк ичимликларни ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ишлаш бўйича шубҳасиз дунё етакчиларидан биридир. Охирги 20 йилда 30 миллиард АҚШ долларига яқин «Coca-Cola» компаниясига тегишли мулкларни турли мамлакатларда сотиш ва бирлаштириш жараёнларида молиявий маслаҳатчиси сифатида иштирок этган.

«Rothschild & Co» халқаро молиявий холдинги 8 йил мобайнида «Coca-Cola» гуруҳи билан боғлиқ 10 дан ортиқ битимларда маслаҳатчи сифатида қатнашган. Шу жумладан, "Costa Coffee"ни сотиб олиш бўйича 2018 йилда 5,1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги келишув бўйича банк томонидан маслаҳат хизматлари кўрсатилган. Бу, ўз навбатида, банк нафақат ичимликлар соҳасида, балки Coca-Cola гуруҳи билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш бўйича бой тажрибага эга эканини тасдиқлайди.

Мазкур халқаро  молия ташкилотлари «Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd» устав капиталидаги давлат улушини сотиш жараёнини умумий мувофиқлаштириш, шу жумладан биринчи босқичда компанияни баҳолаш (due diligence), сотиш стратегиясини ишлаб чиқиш, бизнес режа ва молиявий модель тайёрлашади. ?ккинчи босқичда салоҳиятли инвесторларни аниқлаш учун рақобат жараёнини ташкил қилиш, мунозараларда иштирок этиш, энг яхши таклифни танлаш бўйича маслаҳат бериш, сотиш ҳужжатларини тайёрлаш ва имзолашни ташкил қилиш хизматларини тақдим этади.

Бундай ёндашув хусусийлаштириш савдосини шаффоф ва самарали ўтказиб, келгусида хусусийлаштиришга инвесторларни жалб қилиш учун намуна бўлади. Ушбу жараёндан асосий мақсад - компанияни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнига янги технологияларни жалб қилиш, корпоратив бошқарувни яхшилаш орқали компания самарадорлигини оширишдан иборат.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net