"Business Forum Germany" бизнес-форумида Ўзбекистоннинг инвестиция ва экспорт салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди

29.05.2020 11:13

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 29 май. /"Дунё" АА/. Германияда “Business Forum Germany – Antivirus 2020” халқаро бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг ГФРдаги Бош консулхонаси вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Бизнес-форумдан кўзланган мақсад турли мамлакатлар ишбилармонларини бирлаштириш ва савдо алоқаларини ўрнатиш учун янги шерикларни излаш, шунингдек янги бизнес моделларини яратиш бўлди.

“Berliner Telegraph” журнали ахборот кўмагида ташкил этилган онлайн бизнес-форумда ишбилармон доиралар, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари, шунингдек, банк муассасалари вакиллари иштирок этди. Улар ўз маърузаларида глобал пандемия даврида дунё мамлакатлари томонидан олиб борилаётган иқтисодий чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритди.

Бизнес-форумда ўзбекистонлик дипломатлар мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳиятини намойиш этди.

Форумда модераторлик қилган “Berliner Telegraph” журналисти Таня Хеккер Ўзбекистон делегациясининг нутқи олдидан қисқача таништирар экан, мамлакат ҳукумати томонидан аҳоли ва хусусий тадбиркорларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, COVID-19 пандемиясининг мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида фикр билдирди.

Дипломатия ваколатхонаси вакиллари юртимизда инвестиция ва экспорт фаолиятининг мақсадли кўрсаткичларга эришишида давлат тузилмалари ва хусусий сектор ўртасидаги фаол ҳамкорликни ривожлантириш, 2020 йилга мўлжалланган инвестициявий дастур тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, дипломатлар мамлакатимизнинг турли соҳалари ва тармоқларига хорижий мамлакатлар инвестициялари ва юқори технологияларини жалб қилишдан манфаатдор эканликларини таъкидлашди.

Айтиш жоизки, тадбир давомида хорижий мамлакатларнинг ишбилармон доиралари ва халқаро иқтисодий ташкилотлар вакиллари билан манфаатли алоқалар ўрнатилди.

Мазкур тадбир Facebook, Instagram, Youtube ва ok. ижтимоий тармоқлари орқали кенг оммага онлайн тарзда тақдим этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net