Бош вазир ўринбосари раислигида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари бизнес вакилларининг саволлари кўриб чиқилди

11.08.2021 09:41

ТОШКЕНТ, 11 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Фарғона шаҳридаги студиядан Ўзбекистон Президентининг мамлакат тадбиркорлари ва инвесторлари билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ҳудуд ишбилармонлари томонидан тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича штабга юборилган масала ва таклифларни муҳокама қилди. Муҳокамада видеоконференция орқали Андижон ва Наманган вилоятларининг бизнес вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан маълум қилишларича, суҳбат чоғида тадбиркорларнинг Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича конструктив таклифлари атрофлича кўриб чиқилди. Билдирилган ғоялар ҳаётга татбиқ этиш учун қабул қилинди – уларни жорий этиш механизмлари бевосита мулоқот давомида ишлаб чиқилди. Тижорат банкларининг инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари ва экспортчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтириш, ер участкалари, бўш бино ва иншоотлар ажратиш, ташқи бозорларга ички маҳсулотларни илгари суриш, ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўлган турли сертификат ва рухсатномалар олиш, шунингдек, бошқа долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш чоғида тадбиркорларнинг аниқланган муаммоларини ҳал этиш жараёни ҳам кўриб чиқилди. Аниқ ҳолатлар ўрганилиб, юзага келган масалаларни ҳал этишни жадаллаштириш, шунингдек, тадбиркорларни самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарларини ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорликка жалб этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Муҳокама якунида вазирлик ва идоралар ҳамда тадбиркорлар ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик қилиш механизмини яратиш, алоҳида ва тизимли муаммолар ечимларини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net