Божхона органларида бир йил аввал жорий этилган хавфни бошқариш тизими ўзини оқладими?

11.03.2020 15:54

ТОШКЕНТ, 11 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Давлат божхона қўмитаси томонидан «Хавфни бошқариш тизимига бир йил: божхона органларида жорий қилинган мазкур тизим кўмагида қўлга киритилган натижалар сарҳисоби» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё»АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 24 ноябрдаги «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 декабридан товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ҳамда расмийлаштирувини амалга оширишда «сариқ» ва «қизил», 2019 йилнинг 1 мартидан эса «яшил» ва «кўк» йўлакларни қўллашни назарда тутувчи «Хавфни бошқариш тизими» амалиётга татбиқ этилди.

Ушбу тизим жорий этилиши билан ўтган давр мобайнида божхона кўриклари сони 1,6 маротаба камайиб, кўрик самарадорлиги 1,7 бараварга ортди. Хавфни бошқариш тизими орқали экспорт товарларининг вазни бўйича 95 фоизи, товар партияларининг 85 фоизи божхона кўригисиз расмийлаштирилди. Шунингдек, импортга расмийлаштирилган товарларнинг оғирлиги бўйича 66 фоизи, товар партияларининг 49 фоизи божхона кўригисиз амалга оширилди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу амалиёт орқали товарларни расмийлаштириш учун сарфланадиган вақтнинг қисқаришига эришилди.

Жумладан, экспортда мазкур тизим жорий этилишига қадар 136 дақиқа сарфланган бўлса, ҳозирги кунда ушбу муддат 3 бараварга камайиб, 44 дақиқани ташкил этмоқда.

Шунингдек, импортда олдин 394 дақиқа сарфланган бўлса, жорий ҳолатда бу муддат 2,6 маротаба қисқариб, 154 дақиқани ташкил этмоқда.

Анжуман якунида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net