АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси Ўзбекистонда қуёш, шамол энергетикаси ва транспорт лойиҳаларига қизиқиш билдирди

02.07.2020 16:47

ТОШКЕНТ, 2 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) ижрочи директори А.Болер билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирилиги сайтидаги хабарда келтирилишича, мулоқот чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

А.Болер хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган устувор лойиҳалар ва ташаббусларни биргаликда молиялаштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида бевосита иштирок этишга катта қизиқиш билдирди.

Амалий ҳамкорликка тезкор ўтиш учун америкалик шерикларга қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасидаги 27 та аниқ инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Америка томони қуёш ва шамол энергетикаси ҳамда транспорт секторидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистондаги йирик давлат корхоналари ва тижорат банкларини хусусийлаштиришда иштирок этаётган хусусий инвесторларни молиялаштиришда «DFC» маблағларини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, музокараларда «DFC» корпорацияси билан Ўзбекистон ҳукумати иштирокида, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ва Афғонистонни жалб этиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур жамғарманинг вазифаси энергетика, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақавий аҳамиятга молик устувор лойиҳалар, шунингдек, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббусларни амалга оширишдан иборат бўлади.

Муҳокамаларда минтақада иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари томонлар диққат марказида бўлди. Жумладан, самарали логистика йўлларини ташкил этиш ва халқаро аҳамиятга эга йирик транспорт марказлари билан уланиш учун трансмиллий темир йўл инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида келгусидаги ўзаро ҳамкорлик муҳимлиги таъкидланди.

Музокаралар якунида эришилган келишувлар устида ишлаш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net