Адлия вазирлиги экспортёрлар фаолиятига тўсиқлар бўлаётгани юзасидан қатъий огоҳлантирди

10.06.2020 10:19

ТОШКЕНТ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Адлия вазирлиги экспорт қилувчи корхоналар фаолиятига айрим ҳудудларда тўсиқлар бўлаётгани юзасидан мутасадди раҳбарларни қатъий огоҳлантиради, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири вазирликнинг “@huquqiy_axborot” телеграм каналида эълон қилинган маълумотга асосланиб.

Хабарда келтирилишича, экспорт қилувчилар учун маъмурий тўсиқларни қисқартириш ташқи иқтисодий фаолиятни ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, жойлардаги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳудудларда экспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида ҳудуддаги раҳбарлар экспортерлар олдида сунъий тўсиқларни қўймоқда.

Хусусан, маҳсулотларни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга олиб ўтаётганда мансабдор шахслар экспортерларни агар у экспортни ушбу ҳудуддан амалга оширмаса ҳудуд чегарасидан ўтказмаётганлиги ёки тадбиркорлик субъектларини экспорт қилинаётган ҳудудда рўйхатдан ўтишини талаб қилиш ҳолатлари учрамоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди яхлит бир бозор ҳисобланиб, товарлар ва хизматларнинг республика бўйича эркин ҳаракати бозор иқтисодининг энг асосий тамойилларидан биридир. Шу боис ҳудудларнинг экспорт кўрсаткичлари ўзгариши мамлакатнинг умумий кўрсаткичига таъсир этмайди. Шу кабиларни инобатга олиб, юқорида қайд этилган сунъий тўсиқлар амалдаги қонунчилик талабларига ҳам зид ҳисобланади”, дея қайд этилади манба хабарида.

Вазирлик огоҳлантиришида тадбиркорлик фаолияти, хусусан экспортни амалга ошириш билан боғлиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ортиқча чеклов ва талаблар ўрнатиш ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (Жиноят кодексининг 205-моддаси) ёхуд ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (Жиноят кодексининг 206-моддаси) деб баҳоланиб, бунга йўл қўйган мансабдор шахслар ушбу қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги яна бир бор эслатиб ўтилади.

“Ҳурматли тадбиркорлар, юқорида кўрсатилган ҳолатларга барҳам бериш мақсадида экспорт қилишга тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай кўриниши юзасидан Адлия вазирлигининг @tadbirkor_adliyabоt телеграм ботига ёки “Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси”га (71-207-00-98) мурожаат қилишларини сўраймиз”, дейилади хабар якунида.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида (ПҚ–3978-сон, 17.10.2018 йил.) ҳокимлар ва давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига экспорт қилувчининг ҳудудий мансублигига қараб тўсқинлик қилганлиги учун жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантириш бор.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net