2 февраль куни Тошкентда “Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама музокаралар бўлиб ўтади

01.02.2021 11:55

ТОШКEНТ, 1 февраль. /"Дунё" АА/. Эртага Тошкентда “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга оширишга бағишланган Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон юқори даражадаги музокаралари бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги мухбири ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (?ТСВ) матбуот хизмати маълумотига таяниб.

Анжуманда етакчи халқаро молия институтлари раҳбарлари ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Афғонистон делегациясига ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар, Покистон делегациясига мамлакат Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд раҳбарлик қилади.

Бундан аввал ўтказилган олий ва юқори даражалардаги музокаралар натижада 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон раҳбарлари томонидан халқаро молия институтларига “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма мурожаат йўлланган эди. Сешанба куни ташкил этилаётган халқаро анжуман юқорида зикр этилган музокараларнинг мантиқий давоми бўлади.

?ТСВ маълумотига кўра, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, ?слом тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (АҚШ) раҳбарлари томонидан мазкур лойиҳани биргаликда амалга оширишга катта қизиқиш билдирилган.

Маълумки, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон халқаро денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли улар катта миқдорда транспорт-транзит харажатлари сарфлашга мажбур бўлмоқда. Ушбу сарф-харажат денгиз коммуникацияларидан эркин фойдаланаётган давлатларникига қараганда 2-3 баравар кўп миқдорни ташкил қилмоқда. Мазкур масаланинг долзарблиги, айниқса, халқаро юк ташиш тизимига сезиларли салбий таъсир кўрсатган COVID-19 пандемияси даврида янада ошди.

Бундай шароитда “Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” темир йўлининг бунёд этилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юкларни ташиш вақти ва нархини сезиларли даражада камайтиради.

Шундай қилиб, Покистоннинг Карачи, Касем ва Гвадар денгиз портларига чиқишни таъминлайдиган янги трансафғон темир йўли Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини кескин ошириш, юк ташиш бўйича муҳим оқимларни жалб қилиш, Европа ва Осиёни қуруқлик орқали боғлайдиган энг қисқа кўприк сифатида минтақанинг тарихий ролини тиклашга ёрдам беради.

Лойиҳани амалга ошириш, шунингдек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун ноёб имкониятлар тақдим этади, ўн минглаб янги иш ўринлари яратиш ва минерал хом ашёларнинг бой захираларини (мис, қалай, рух, темир рудаси, мармар, гранит, травертин ва бошқалар) темир йўл трассаси бўйлаб ўзлаштириш орқали мамлакат иқтисодий тараққиётини рағбатлантиради.

Тошкентда бўлиб ўтадиган кўп томонлама музокаралар якунида “Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича қўшма Ҳаракат режаси қабул қилиниши кутилмоқда. Ҳужжат темир йўл маршрутини аниқлаш, геодезик, гидрогеологик ва топографик тадқиқотлар амалга ошириш учун қўшма халқаро экспедиция ташкил этишни назарда тутади. Томонлар, шунингдек, лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, лойиҳаолди тадқиқотларини молиялаштириш механизмлари ва темир йўл қурилишини тезроқ бошлаш билан боғлиқ масалалар бўйича келишиб олади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net