Космик соҳани ривожлантиришда Франция билан ҳамкорлик

30.06.2022 17:38

Мамлакатимизда қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, телекоммуникация, геология-қидирув, картография, метеорология, сейсмология ва шаҳарсозлик соҳалари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда ерни масофадан туриб зондлаш, йўлдош алоқа, навигация тизими каби космик тадқиқотлар ва технологиялардан кенг фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, соҳага хорижий инвестиция ва илғор технологияни жалб қилиш, ушбу йўналишдаги илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда.

“Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари изчил шерикликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба ва билим алмашиш мақсадида дунёнинг етакчи космик агентликлар фаолияти билан яқиндан танишмоқда. 

Масалан, Франциянинг “Airbus Defence & Space” компаниясининг космик ер усти инфратузилмаси, геоахборотни қайта ишлаш маркази билан танишиш давомида компаниянинг тарихи, имконияти, жорий ҳолати, хусусан, космик соҳада эришилган ютуқлари ва келажакдаги режалари ҳақида маълумот олинди.

- Ушбу мажмуа “Airbus Defence & Space” компаниясининг асосий маркази сифатида ерни масофадан зондлаш учун қўлланадиган 6 та оптик ва 3 та радарли сунъий йўлдошдан иборат туркумни бошқариш станциясига бирлашган, - дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги Халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Саъдулла Расулов. - Барча парвозлар, сунъий йўлдош орбиталарини бошқариш ва суратга олиш билан боғлиқ вазифалар шу жойдан белгиланади ва мувофиқлаштирилади. Дунёда ер усти станциялари кўп, барчаси қабул қилиш учун ишлацди. Фақат шу станциягина сунъий йўлдошни бошқариш имконига эга.

Сафар давомида ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошларидан маълумот қабул қилиш учун мўлжалланган ер усти станциясиясига ҳам бордик. Диаметри 5,5 метрли мажмуани ташқи муҳит таъсиридан асровчи ҳимоя гумбази мавжуд. Ер усти станцияси 2300 километр радиусни қамраб олади. Бу ўз навбатида антенна қамрови радиусида учувчи бир нечта сунъий йўлдошдан маълумот қабул қилиш имконини яратади.

Учрашув жараёнида сунъий йўлдошдан олинган маълумотни қайта ишлаш бўйича сегмент намойиш этилди. Маълумотлар пиксел йиғиш, созлаш, гео-боғлаш каби қатор ишлов бериш босқичидан ўтади. Сегмент сўров бўйича ишлов берилмаган тасвир ёки тайёр ортофото, рельеф ва ҳудуднинг рақамли модели ва 3Д ер моделини тақдим этиши мумкин. Қабул қилинган маълумот таҳлил сегментига ўтказилади. Ушбу марказ қишлоқ, сув, ўрмон хўжалиги, экология, геология, ердан фойдаланиш каби турли соҳалардаги муаммоларни ҳал қилиш учун ерни масофадан зондлаш маълумотларини қайта ишлаш кўникмасини намойиш этади. Шунингдек, геофазовий разведка учун ечим ҳам кўрсатилди. Ушбу ечимлар ҳарбийлаштирилган тузилма манфаатида ерни масофадан зондлаш маълумотини таҳлил қилиш учун мўлжалланган.

Францияга ташриф давомида делегация вакиллари “Airbus Defence & Space”нинг шўба корхонаси “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси бош директори Э. Перез билан ҳам учрашди.

Учрашувда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинди Самарқанд вилоятидаги “ГеоФерма” лойиҳасининг амалдаги ҳолати ҳақида икки томон ҳисоботи тингланди. ?ш режаси, шунингдек, лойиҳани республика миқёсида кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Мезбонларга Ўзбекистон Республикасида космик технологияларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, космик мониторинг доирасида ерни масофадан зондлаш маълумотидан фойдаланиш ва давлат космик мониторинги дастурини амалга ошириш борасидаги ишлар билан таништирилди. “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси томонидан дастур доирасидаги лойиҳаларни космик суратлар билан таъминлашга тайёрлик билдирилди.

Франция томони таклифи асосида, дастлаб, виртуал станциядан фойдаланиш орқали ер усти станциясини жойлаштириш бўйича маслаҳатлашув ўтказилди. Лойиҳани амалга ошириш муддати барча техник ҳужжатларни тасдиқлаш, ўрнатиш ва ишга тушириш, шунингдек, Агентлик мутахассисларини ўқитиш муддатини ҳисобга олган ҳолда, камида 2 йилни ташкил этади. Агентлик қабул қилиш станциясини келгусида биргаликда ишлатиш имконияти орқали харажатни тақсимлашни таклиф қилди.

Шунингдек, амалдаги “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси сунъий йўлдош туркуми доирасида Ўзбекистон Республикаси манфаати учун Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошини яратиш имконияти муҳокама қилинди. Ушбу механизм компаниянинг Ўзбекистон ҳудудидаги барча тизимларига эксклюзив эгалик ҳуқуқини ва потенциал Ўзбекистон сунъий йўлдошидан “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси орқали маълумотни биргаликда сотиш имконини беради.

Маҳаллий мутахассислар малакаси ва техник салоҳиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди. “Airbus DS GEO Intelligence” компанияси Агентлик ходимлари учун қисқа курслар ўтказишни режалаштирмоқда.  

Шунингдек, делегация аъзолари Франция Олий аэронавтика ва космонавтика институти фаолияти билан ҳам танишди.

?нститут аэрокосмик соҳага кадр тайёрлаш бўйича асосий университет бўлиб, дунёда етакчилардан ҳисобланади. 15 факультетли институт 1900 талаба, 23 патентга эга, Франция Миллий космик тадқиқотлар маркази (CNES), “Airbus”, “Thales”, “Ariane Group” каби компания ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатган.

Учрашув давомида “Космик хизматлар ва иловалар” магистратура дастури билан танишилди. Дастур 6 ой академик таълим ва 6 ой илғор космик компаниялардаги амалиётни қамраб олади. Дастурда космик тизимлар, Ерни масофадан зондлаш, сунъий йўлдошли алоқа, сунъий йўлдошли навигация, космик хизмат ва иловалар йўналишларида ўқитилади. Мазкур магистрлик дастурига 2022-2023 ўқув йили учун ўзбекистонлик талабаларни юбориш масаласи юзасидан 5 нафар талаба учун квота ажратиш, тезкор танлов ўтказиш ва молиялаштириш масаласини ҳал этишга келишиб олинди. Бундан ташқари агентлик ходимлари учун 1-3 ойли малака ошириш дастурларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Агентлик ишчи гуруҳи томонидан CNES космик марказида жойлашган сунъий йўлдошларни йиғиш ва синовдан ўтказиш марказига ташкил этилган ташриф давомида марказнинг фаолияти, сунъий йўлдошларни йиғиш, синовдан ўтказиш жараёни билан танишилди.

Саъдулла Расуловнинг таъкидлашича, сунъий йўлдошларни йиғиш жуда қийин вазифа бўлиб, бунинг учун махсус хоналар талаб қилинади. Хоналар махсус белгиланган 22,2о С ҳароратда ҳаво филтрациясида сақланади. Сунъий йўлдошлар ўз вазифаси ва ҳажмига қараб космик фазога учиришдан олдин марказда 4 ойдан 1 йилгача муддатда синов-текширувдан ўтказилади. Синов-текширув жараёни сунъий йўлдошлар тизими ўртасидаги электромагнит мослашувни текшириш, термал, вакуум ва тебраниш машқларини ўз ичига олади.

Бир сўз билан айтганда, фазо илмини, космик соҳани такомиллаштиришга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар ерларни  масофадан зондлаш, сунъий йўлдош имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда космик тадқиқот олиб боришга кенг йўл очади.

Гўзал Сатторова, ЎзА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net